Юксак маънавият эгалари баҳси

Андижон шаҳридаги “Баркамол авлод” болалар марказида “Юксак маънавиятли авлод” республика фестивалининг Андижон вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Республика Маънавият тарғибот маркази ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида соғлом ва юксак маънавиятли авлодни тарбиялаш, ёшлар онгу шуурига Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳини сингдиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг 2006 йил 25 августдаги “Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
-Фестивалнинг асосий мақсади: Аҳолининг кенг қатламлари, авваламбор, ёшлар ўртасида Ватанга муҳаббат ва садоқат, инсонпарварлик фазилатларини тарбиялаш, миллий урф-одат, анъана ва қадриятларнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини ҳар томонлама очиб беришга йўналтирилган маърифий тадбирлар ўтказиш, ёшларнинг дунёқараши ва фикрлаш доирасини янада кенгайтириш, уларнинг маънавий баркамол шахс бўлиб, жамиятда ўз ўринларини топишлари ҳамда ўзлари қизиққан соҳанинг етук мутахассислари бўлиб етишишлари учун кўмаклашиш, бир сўз билан айтганда, юксак маънавиятли авлодларни кашф этиш ва уларни истеъдодларини қўллаб-қувватлашдан иборат эканлиги билан алоҳида аҳамиятга эгадир, — дейди Маънавият тарғибот маркази Андижон вилояти бўлими раҳбари Аббосбек Исроилов.
Тадбирнинг қуйи босқичларида “Президентимиз асарлари билимдони”, “Мустақиллик тарихи билимдони”, “Энг иқтидорли ҳунарманд”, “Ўз асарида миллийликни акс эттирган рассом”, “Ўз асарида миллийликни акс эттирган дизайнер”, “Ватан куйчиси”, “Юксак маънавиятли авлод”, “Бадиий ижод” номинациялари бўйича ғолиб бўлган 350 нафарга яқин 14 ёшдан 25 ёшгача бўлган иқтидорли ёшлар иштирок этди.
Фестиваль доирасида малакали мутаҳассислардан ташкил топган ҳакамлар ҳайъати томонидан, намойиш этилган ёшларнинг ҳунармандлик, тасвирий ва амалий санъат асарлари, илм-фан соҳасидаги изланишлари жамланган кўргазмалари, шеърият, наср ва публицистика жанрида ёзилган ижодий ишлари юқори баҳоланди.
-Бир неча йилдан буён ижод билан шуғулланаман. Мақолалари туман, вилоят ва республика матбуотида тез-тез чоп этилиб туради. Бугунги фестивалда иштирок этишимнинг асосий сабаби ўзимни имтихондан ўтказиш ва ижодкор дўстларим сафини янада кенгайтиришдан иборатдир, -дейди “Бадиий ижод” номинацияси ғолиби, Андижон давлат университети талабаси Элмуроджон Абдуллаев. – Фестивалнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритганимдан хурсандман.
Ғолиблар фестивалнинг мамлакат босқичида иштирок этади.

ИҚТИДОРЛИЛАР ИМТИХОНИ

Мустақиллик йилларида баркамол авлодни тарбиялашга давлат сиёсати даражасида устувор аҳамият қаратилмоқда. Чунончи, ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг замонавий илм-фан, касб-ҳунар сирларини пухта ўзлаштириши учун барча шароитни яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Вазирлар Маҳкасининг буйруғига асосан қабул қилинган “Ўзбекистонда 2015 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури” ҳам ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
Маълумки, бир неча йиллардан буён “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ташаббуси билан мамлакатимизда истиқомат қилаётган 15 ёшдан 25 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида “Юрт келажаги” иқтидорли ёшлар республика танлови ўтказиб келинмоқда. Танловнинг мақсади, юртимиздаги минглаб йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш, чекка-чекка ҳудудлардаги иқтидорли ёшларни кашф этиш, уларни рағбатлантириш ва келгусидаги фаолиятларида кўмак беришдан иборат эканлиги билан алоҳида аҳамиятга эгадир.
Куни кеча, танловнинг Андижон вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Танловнинг туман ва шаҳар босқичларида 3500 нафардан ортиқ истеъдод эгалари иштирок этдилар. Уларнинг беш юз нафардан ортиғи вилоят босқичида қатнашиб “Архитектура ва дизайн”, “Ахборот технологиялари, рационализаторлик таклифлар ва техник ишланмалар йўналиши”, “Тасвирий ва амалий санъат йўналиши” ҳамда “Адабиёт ва журналистика” йўналишлари бўйича ўз иқтидорларини яна бир бор имтиҳондан ўтказдилар.
-Танловда иккинчи бор иштирок этишим. Жуда ҳам хаяжонланаяпман. Бир йил мобайнида туман, вилоят ва республика газеталарида ўз мақолаларим билан иштирок этиб қизғин тайёргарлик кўрдим. Ўйлайманки, бу йил менга омад кулиб, ғолиблик шоҳсупаси насиб этиб қолар, — дейди “Шаҳрихон” газетаси муҳбири Миролим Исажонов.
Шу куни, танловнинг якуний натижалари эълон қилиниб, ўттиз уч нафар ёшлар ғолиб деб топилдилар ҳамда ташкилотчилар томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Тиниб-тинчимаган Тоҳиржон ота

Ёрқишлоқлик Тоҳиржон ота Мамасолиевнинг асли касби муҳандис-агроном. У узоқ йиллар ҳудуддаги ширкат ва жамоа ҳўжаликларида ишлаган. Ўша пайтда ерларнинг мелеоратив холатини яхшилашда, пахта ва ғалла хосилдорлигини оширишда, энг муҳими боғдорчилик соҳасини ривожлантиришда ҳиссасини қўшганлардан. Халқимизнинг «Яхшидан боғ қолади, ёмондан доғ.» деган мақолини у ўз шиорига айлантиргани боисми, нафақага чиққунига қадар қишлоқдаги боғларнинг бригадири сифатида меҳнат қилди. Янги кўчатлар эктириб, боғлар майдонини кенгайтирди, энг асосийси эса ўз ишига сидқидилдан ёндашгани учун ҳосилдорлик бир мунча ошишига сабабчи бўлди. Ёрқишлоқликларнинг чинакам меҳнаткаш халқ эканлигини яна бир бор исботлай олди.
Ундаги изланувчанлик, янгиликга интилувчанлик, ўз касбига содиқлик уни бир нафас ҳам тинч қўймади, хонадонида мавжуд томорқага кўчатлар экиб етиштиришга ундади. Дастлаб қаламча сайди, бир йил ўтиб эса уларни сара навли мева кўчатларининг новдаларига улади. Қарабсизки кейинги йилга эса сифатли ва ишонарли кўчатлар тайёр. Уларни энди янги боғлар барпо эиш учун экса бўлади. Бу умри давомида қилган ишлари орасида ҳам даромад, кексайган чоғида ҳам саломатлиги учун фойдали ишининг бошланиши эди.
Дастлаб кўчатларни ўзи рахбарлик қилаётган боғларга экди, ошганларини эса ҳамқишлоқларига арзон нархларда сотди. Кейинги йилга ҳам, ундан кейингисида ҳам шундай бўлди. Қишлоқ аҳли ва қўшни Бештол, Қўштепа, Савай қишлоқларининг ҳамда Ош вилоятида яшайдиганларнинг кўпчилиги олиб кета бошлашди. Тохиржон ота эса бундан мамнун эди. Чунки биринчидан унинг ортидан инсонлар боғ яратишмоқда, иккинчидан эса оилавий бюджетга даромад ўз-ўзидан кириб келмоқда. Албатта ҳалол меҳнат, пешона тери эвазига.
Мана шунга ҳам ўттиз йилдан ортиқ вақт ўтибди. Бугун нафақат ёрқишлоқликлар балки Жалақудуқ, Ҳўжаобод, Қўрғонтепа туманларининг аҳолиси кўп миқдорда олиб кетадилар. Ундан ташқари вилоятимизнинг барча ҳудудларидан, Фарғона ва Наманган вилоятларидан ҳамда қўшни Қирғизистон ва Қозоғистон Республикларидан келган ҳаридорларни ҳам топиш мумкин. Улар келган масофаларига парво ҳам қилишмайди, узоқ бўлсада келиб сифатли ва ишонарли кўчатларни олиб кетаётганларидан хурсанд.
-Хар йили 20000 минг туп олма, шафтоли, бехи, гилос, нок, олича, узум каби меваларниниг турли навларини сотамиз. Бундан қолган даромад ўртача ўттиз-қирқ миллиони ташкил этади, — дейди Жалақудуқ тумани Ёрқишлоқ қишлоқ фуқаролар йиғинидаги Янги кўрпа маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган Тохиржон хожи ота Мамасолиев. — шунинг орқасидан аёлим Хумайрахон билан уч фарзандни дунёга келтириб, каму кўстсиз қилиб улғайтирдик, ўқитдик, уйли-жойли қилдик. Қўшимча беш гектарли боғ эгасига айландик. Бу ердан ҳам ўртача йигирма ўттиз миллион сўм фойда кўрамиз. Сўнгги беш йил ичида мехнатларимиз ортидан юртимизда ишлаб чиқарилган охирги русумдаги Дамас, Нексия ва Ласетти каби автомобилларни сотиб олишга мувоффақ бўлдик. Қувонарли жихати ўтган йилда турмуш ўртоғим билан биргаликда динимизнинг бешинчи фарзи бўлмиш Хаж зиёратини ҳам амалларини бажариб қайтдик. Томорқамизнинг 15 сотих еридан шунчалик фойда олишимизга кўп одамлар ишонмайди. Аммо, бариси рост. «Томорқа — кони фойда» деганлари шу бўлса керакда.
Ушбу хонадонга кирар экансиз салкам саксон ёшни қаршилаш арафасида турган Тохиржон отанинг ҳали хамон меҳнатда эканлигини кўрасиз. Фарзандлари, келинлари, айниқса набиралари унга кўмакдош. Тўнғич ўғли Нурмуҳаммад ака тумандаги «Муҳандис Тохиржон» фермер ҳўжалиги раҳбари, пахта-ғаллачиликда олдинги сафларда кетаётганлардан, ўртанчиси Ҳурмуҳаммад аканинг эса 2 гектардан ортиқ шаҳсий боғи бор, отасининг изидан борди. Оиланинг кенжатойи бўлмиш Ғофуржон ака эса санъат йўлини танлаб инсонларнинг яхши кунларида хизматда.
Бахор келиб яна Тохиржон отанинг ишлари авжида. У ўзининг меҳнаткашлиги билан кўплаб юртдошларимизга кичик ердан катта даромад олиш мумкинлигин, энг муҳими халқимизнинг «Ерни боқсанг, ер сени боқар» деган ҳикматли сўзнинг қудратини кўрсатиб қўйди.

Умиджон МАМАРАСУЛОВ,

Талабчан устоз ва меҳрибон Она!

“…кечагидек ёдимда, Андижон давлат университетининг филология факултетини тамомлаб, 3- академик лицейда фаолиятимни бошлаганман. Ўшанда, лицейнинг энг ёш педагоги эдим. Илк йиғилишдаёқ жамоамиздаги малакали ўқитувчиларни кўриб, ўз устимда кўпроқ ишлашим кераклигини ҳис қилдим. Орадан икки ой ўтар- ўтмас лицей раҳбариятининг эьтиборини қозона олдим.”
Ўн тИсфандиёр2ўққиз йиллик меҳнат тажрибасига эга педагог, бугунги кунга келиб минглаб шогирдлар ардоғидаги устоз Назирахон Худойбердиеванинг ширин хотиралари ҳудди ўзи каби соф ва самимий. Аслида самимият тушунчаси ҳар бир ўқитувчининг иш услубларидандир. Чунки, бола психологияси билан шуғулланишда, унга муомала маьданиятини ўргатиш ҳам самимиятга боғлиқ. Қаҳрамонимиз Назира опа ана шундай инсонлар сирасига киради.
Назира опа Худойбердиева 1973-йилда, гўзал Андижоннинг зиёли оилаларидан бирида таваллуд топган. Олти фарзанднинг каттаси бўлгани учунми, ёки болаликдаги орзулари сабабми опа билим олиш ва ўз ўрганганларини бошқаларга ҳам ўргатиш иштиёқида мактабга боради. Устозлари Ш. Увайсиддинова, З. Мирзажоновларнинг сабоқлари Назира Худойбердиеванинг мурғак қалбида ўқитувчиликка бўлган иштиёқни уйғота олди. Тинимсиз билим олиш, дарсларни тайёрлаш билан бир қаторда, синфдошларига етакчилик ҳам қилар, бу унга олам- олам эавқ бағшларди. 1990- йилда мактабни олтин медал билан тамомлаган Назира опа АДУ нинг филология факултетига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинди. Талабалик йилларида ҳам тиришқоқлиги, ўткир зеҳни билан тенгдошларидан ажралиб турарди. Олийгоҳни битиргач, вилоятдаги 3- академик лицейда она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси сифатида фаолиятини бошлади. Ташкилотчилиги ва ўқувчиларга билим бериш услуби мукаммал даражада ривожланган ёш педагог, кўп ўтмай ҳамкасблари меҳрини қозона бошлади. Бугунги кунга келиб эса, ушбу таьлим муассасасининг талабчан ўқитувчиларидан бири.
— Аёл киши учун энг катта бахт, бу уни кимгадир керак эканини ҳис қилиб яшашидир,- дейди биз билан суҳбатда Назира опа Худойбердиева. – Баьзан, оила ва иш ташвишидан чарчаган ҳолларим ҳам учраган. Бунда менга ўқувчиларимнинг эришаётган ютуқлари далда берарди. Ҳозирда икки нафар фарзанднинг меҳрибон онасиман. Ўғилларим Абдулло ва Шержаҳон оилам қувочи бўлса, ўқувчиларим эса, меҳнат маҳсулимдир. Шогирдларим билан бир қаторда, фарзанд тарбиясига ҳам алоҳида эьтибор қаратаман. Чунки, келажакда улар юртимиз тақдирига даҳлдор шахслар бўлиб улғайишини истайман. Талабчанлигим – уларнинг ютуқларига ҳизмат қилса, меҳрибонлигим- атрофга қайноқ ҳарорат билан боқишни ўргатади.
Исфандиёр
Дарҳақиқат, бугунги кунга келиб мамлакатимизнинг ҳар жабҳасида Назира Худойбердиева сингари аёлларнинг фаоллигини кузатиш мумкин. Уларнинг, айниқсса таьлим соҳасидаги сай- ҳаракатлари жамиятимига маьнан етук шахслар қатламини шакллантириб бермоқда. Улар орасида фидоий устознинг ҳам борлиги қувонарли ҳолдир. Назира Худойбердиеванинг шогирдлари Моҳигул Қобулова, Шахноза Турдиоҳунова, Дилобар Маликова ҳамда Зебунисо Болтабоевалар ҳозирда юртимизнинг нуфузли таьлим даргоҳларида таҳсил олишмоқда. Шунингдек, опанинг кўплаб услубий қўлланмалари лицейнинг педагоглари орасида оммалашиб келмоқда. Устознинг биринчи ўқувчилари ҳозирда опа билан елкама- елка фаолият кўрсатмоқда.
— Агар ўқитувчилик соҳасида фаолият юритмаганимда, менданяхшигина журналист чиқиши мумкин эди. Лекин, устоз бўлишнинг гашти бошқача,- дейди Назира опа.
Лицейда ўтказиладиган тадбирларнинг барчасида устознинг фаоллигини кўрасиз. Таьлим даргоҳида мураббийлар кенгаши раиси сифатида ҳам, ёш мутахасссисларга ўз маслаҳатларини бериб келмоқда. Шунингдек, кўплаб мақола ва ҳикоялари республикамизнинг вақтли нашрларида мунтазам эьлон қилиниб келади.
Исфандиёр Бургутбоев,
лицей ўқувчиси

Меҳр

Наима уй ишларини тезроқ тугатишга ҳаракат қилди. Якунлагач кийимини алмаштириб, қизчасини етаклаб, гул бозорига йўл олди.

Автобусга чиққач, хаёл дарёсига ғарқ бўлди. Ёшлик даврини эслай бошлади. бундан анча йиллар олдинги воқеалар кўз олдидан бир-бир ўта бошлади.

Ёзнинг иссиқ кунлари ниҳоялаб, ўқувчилар мактаб қучоғига қайтдилар. Наима бўлса ҳамон касалхонада. У бугун бир- бирларини соғинган синфдошларининг сирли суҳбатлари-ю, шодон кулгулари мактабни тутаётгани ҳис этиб, ич-ичидан ўксинди. Мана икки йилдирки қизининг умри касалхонада ўтяпти. Унинг ҳасталиги узоқ муддат даволанишни талаб этади. Шунинг учун доим шифокорлар назоратида. Қизнинг онаси ҳам қийналиб кетди. Наима оиланинг тўнғичи. Отаси автомобил ҳалокатидан вафот этган. Уч нафар гўдаги билан бева қолган онаси уззу-кун бозорда. Ул- бул сотиб тирикчилик қилади. Шу сабабдан уй ишлари Наиманинг зиммасида эди. Унинг касаллигини онаси ҳам, Наима ҳам пайқамай қолганди. Дард кучайгандагина шифокорга мурожаат қилишди.

Кунларини шифохонада ўтказаётган Наима тезроқ тузалишни истарди. У ўқитувчи бўлишни орзу қиларди. Нима қилсин, дарслардан қолиб кетяпти. Шифокорлар гоҳ- гоҳида уйига рухсат бериб туришади. Ўшанда мактабидан бир- икки ўкитувчи клиб дарс бергандек бўлишади. Шундай маҳалда у мактаб партасида ўтириб сабоқ олаётган тенгдошларига ҳавас қилади. Беиҳтиёр кўзлари ёшга тўлади. Наҳотки, тузалиб кетмасам, орзуларимга етиша олмасам, деб қайғуга ботади.

Уларнинг синфига янги ўқитувчи келибди. Йўқлама даврида унинг фамилясини ўқиганда бир қиз “бечора касал” деб юборибди. Синфнинг эьтиборини бузмаслик учун ўқитувчи дарсни бошлади. дарсдан сўнг бояги қизни ёнига чақириб Наиманинг аҳволини обдон суриштирди.

Малика опа эртасига касалхонага борди. Қизнинг ҳол-аҳволини сўради. У ердан қайтгач тўғри мактаб директори қабулига кирди. Наимани уй шароитида ўқитиш учун тузилган дарс жадвали билан танишди. Сўнг Малика опа Наима билан шуғулланишни ўз зиммасига олди.

Кунлар ўтгани сайин Малика опа ўқувчисининг соғлиғи яхшиланиб бораётганидан қувонар эди. у туфайли Наима ҳам дарсларни ўзлаштириб, ўртоқларига етиб олди. Наима устозидан миннатдор эди.

Вақт чопоғон. Наима мактабни тамомлаб коллежда ўқиди. Дилидаги мақсади йўлида астойдил ҳаракат қилди. Устози малика опанинг кўмагида олий ўқув юртига кириш учун тайёргарлик кўрди. Талаба бўлганида эса ўзидан кўра ҳам Малика опа қувонди.

Тақдир тақазоси билан Наима шаҳарга турмушга чиқди. Ишга жойлашди. Ўзи ҳам устозга айланди.

Қизчасининг: — ойижон, ана гуллар,- деган сўзлари унинг ҳаёлини бўлиб юборди. Бозордан бир даста гул ҳарид қилганча устози Малика опа хонадонига йўл олди. Унинг қучоғидаги гулдаста утозига аталган меҳр тимсоли эди.

Назирахон Худойбердиева,

АДУ қошидаги 3-академик лицей ўқитувчиси